Наманган вилоятининг “Уч авлод учрашуви” дўст ва биродар қўшни мамлакатлар вакиллари иштироки билан ўзгача шукуҳга тўлди

Учқўрғон туманида вилоятимизда дўстлик ва тотувликда ҳаёт кечираётган турли миллат ва элатлар вакилларини, вилоятда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаолларини ҳам жамлаган “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.

ТадбирдаТожикистон ҳамда Қирғизистондан келган кўп сонли меҳмонлар ҳам иштирок этдилар.

Ёши улуғларнинг ҳикмати ва ибрати, камол топаётган авлоднинг билим ва қудрати мамлакат тараққиётининг асосидир. Дўстлик, биродарлик руҳи, аҳил қўшничилик муносабати эса – тинчлик-осойишталик кафолати. Янги Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида ушбу жиҳатлар алоҳида ўрин тутмоқда.

Наманган вилоятида 400 минг атрофида ўнлаб миллат ва элат вакиллари аҳил ҳаёт кечирмоқдалар. Учқўрғонда бўлиб ўтган “Уч авлод учрашуви” ҳам миллатлараро тотувлик, оға-инилик ришталарини мустаҳкамлади. Авлодлар ўртасидаги яна бир ўзига хос кўприк бўлди.

Тадбир ўтказиладиган жойда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда вилоятимизда ишлаб чиқарилаётган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилди. Жойнинг ўзида Наманганда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар, фольклор жамоалари ўз чиқишларини намойиш қилдилар. Турли тилларда янграган куй-қўшиқлар, лапар ва ўланлар йиғилганларга байрам шукуҳини ҳадя этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов, вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Иброҳим Жунусов, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, вилоятимизнинг кекса-нуронийлари, фаол йигит-қизлари, турли миллатлар вакиллари иштирокида ўтган анжуманда сўз олганлар уч авлод учрашуви мазмун-моҳияти, катта авлод вакилларининг босиб ўтган йўли ёшларга доимо ибрат бўлиши зарурлигини тилга олдилар. Давлатимиз раҳбарининг пухта ўйланган оқилона сиёсати натижасида кўпмиллатли халқимизнинг бирлиги ва жипслиги янада кучайиб, юртимизда истиқомат қилаётган барча элу элат вакилларининг ўзига хос маданияти, урф-одатларига ҳурмат ва эътибор ошаётгани мамнуният билан қайта-қайта таъкидланди.

Вилоятда турли масъул лавозимларда фидокорона меҳнат қилган, бугун кексалик гаштини сураётган фахрийлар номлари бирма-бир санаб ўтилди. Айни пайтда бугунги кунда ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол ва ташаббускор бўлаётган ёшлар исмлари тилга олинди.