Юртбошимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилиниб, 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинган эди.
Учқўрғон туманида 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида 1 млн 233 минг туп каштан, лола дарахти, оқ қайин, эман, япон сафораси, шумтол, қайрағоч, павлония, терак ва бошқа манзарали, мевали дарахтлар ва бута кўчатлари ҳамда қаламчаларни экиш режалаштириб олинди.
Дарахт кўчатларини экишда туман ҳокимлиги мутасаддилари, ободонлаштириш бошқармаси ишчилари иштирокида автомобиль йўллари бўйлари, ижтимоий соҳа объектлари, маданият, спорт ва туризм ҳамда маҳалла ички ҳудудларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугуннинг ўзида ҳашар уюштирилиб, 3 та ҳудудда каштан, арча ва япон сафораси кўчатлари ўтқазилди.
Бу каби тадбирлар давом эттирилмоқда.





