Учқўрғонлик 15 яшар ўқувчи «President Tech Award» танловида ғолиб бўлгани учун берилган мукофотнинг бир қисмини ўзи ўқиётган мактаб учун ажратди.

Муҳаммад Тожиддинов Учқўрғон туманидаги 3-мактабнинг 9-синфида таҳсил олади. У бошчилик қилган жамоа танловнинг Ахборот ва киберхавфсизлик технологиялари йўналишида “PCP рақамли қалқони” лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолиблар сафидан ўрин олди ва 50 минг доллар миқдоридаги мукофотни қўлга киритди

- Мақсадимиз тизимлар ва шахсларни ишончли ҳимоя қилишдан иборат. Энг илғор технологиялардан фойдаланиб, киберҳужумларни ўтмишга айлантиришни истаймиз. Лойиҳамиз ҳозирча ўзимизда муваффақиятли синовдан ўтди, келгуси йили эса жаҳон бозорига чиқишни ният қилганмиз, - дейди Муҳаммад Тожиддинов.

М. Тожиддинов жамоа аъзолари билан келишган ҳолда хайрия қилган маблағга мактабда замонавий компьютер синфини ташкил этиш режалаштирилган.

- Бу мактабимда билим олаётган укаларимиз ва сингилларимиз ахборот технологияларини мукаммал ўрганиши учун рағбат деб ўйлайман. Қолаверса, онам шу мактабда 30 йилдан бери она тили ва адабиётдан дарс берадилар, - дейди самимийлик билан Муҳаммад.