Учқўрғон тумани «Маданият» м.ф.й.да Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ва судьялари томонидан фуқароларимизнинг мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган Конституциямиз нормаларини мазмун ва моҳиятини тушунтириш мавзусига бағишланган ҳуқуқий тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 47-моддасининг  2-қисмида кўра, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади деб мустаҳкамлаб қўйилган.

“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасида хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги белгилаб берилган.

Мазкур Қонун талабларига асосан давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Бунда етказилган зарарнинг ўрни эгалик қилувчига тўлиқ қопланиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасида фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллар даги мулк ташкил этади деб белгиланган. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини  кафолатлайди. Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади. Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳам ва суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.

Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.

Конституциямизнинг 67-моддасига асосан давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши белгиланган. 

Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади. Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади.

Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.

Конституциямиз Янги Ўзбекистонимизни янада тараққий этишини, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашнинг асоси сифатида мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилишни, фуқароларимизни қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш кафолатини беради.

Рахмонжон Яхёхужаев,Наманган вилоят суди фуқаролик ишларибўйича судлов ҳайъатининг судьяси