Кўчабошилик фахрий педагог Дилоромон ая Ҳолмирзаеванинг хонадонида бўлганимизда қалбимизни ана шундай ҳислар чулғади. Улар турмуш ўртоғи Шуҳратжон ака билан уч нафар фарзандни вояга етказишди. Эндиликда шириндан шакар набираларнинг буви-бувижонлари. Қишлоқда ҳам уларни ҳурмат билан тилга олишади. Дилором опа умр бўйи қишлоқ мактабида болаларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан сабоқ бериб келди. Катта ютуқларга эришди. Республика педагогика ўқишларида қатнашди, “Йил ўқитувчиси” танлови ғолиби бўлди, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳибаси бўлди. Бу шарафларнинг адоғи йўқдай. Чунки халқидан дуо олган, элимиз фарзандларига маърифат улашиш юкини елкасига олган аёлнинг мақтови ҳам, қиймати ҳам улуғ бўлади.
Дилором опа ишга фидойилик билан ёндашар экан, билими ва интилувчанлиги, маърифатпарварлиги, ҳалоллиги ҳамда кучли қатъияти билан фаолият пиллапояларида юқори натижаларга эриша олди. Эл ичида, зиёли қатлам вакиллари ўртасида илми, пухта тажрибаси, етакчилик қобилияти, юксак маданияти билан ҳурмат-эътибор қозонди. Ҳозирда устознинг юзлаб шогирдлари фан ва таълимда, давлат органлари ва нуфузли ташкилотларда халқимиз хизматини адо этмоқдалар.
Дарҳақиқат, ҳамиша қомати тик, боши баланд, қадамлари шаҳдам юргувчи Дилоромхон Ҳолмирзаеванинг ҳам ўз дардлари, армонлари бор ҳаётда. Лекин ичидаги қалб туғёнларини сиртига чиқармаган, армонларини илм нурига айлантира олган опа кўплаб ёшларини ўз шогирдига айлантирди.
- Халқимизда “Ўғлингни ўқитсанг, ўзингга яхшилик қилган бўласан. Агар қизингни ўқитсанг, миллатга яхшилик қилган бўласан,” деган нақл бор. Бунинг моҳиятини таҳлил қилсак, аёлнинг улуғвор фазилатлари, она бўлиб яралмоқнинг масъулияти акс этади, - дейди опа.
Суҳбатдошимиз қисқа фурсатда тўлқинланиб кўп гапларни гапиришга улгурди. Уларнинг қалбидаги илмга бўлган муҳаббат, чексиз ҳурматни кўриб, орамизда шундай одамлар кўп эканлигига яна бир бор амин бўлдик.





