Учқўрғонда Истиқлол айёми кўтаринки руҳда нишонланмоқда.Бу йил учқўрғонликлар энг улуғ, энг азиз байрамимизга янги ютуқ ва зафарлар билан пешвоз чиқишди. Туманнинг олис қишлоқ ва маҳаллаларда байрам шодиёналари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.
Байрамнинг асосий тантаналари туман амфитеатрида бўлиб ўтди. Тадбирга ишлаб чиқариш илғорлари, фермер ва тадбиркорлар, нуронийларимиз, ёшлар, кенг жамаотчилик вакиллари таклиф этилди.
Тадбирда туман ҳокими Азимжон Вахобов Учқўрғон аҳли ҳамда тантанага ташриф буюрган меҳмонларни энг улуғ, энг азиз байрамимиз билан табриклаб, мустақиллик халқимиз томонидан қўлга киритилган бебаҳо бойлик эканини, мамлакатимизнинг мустақил давлат сифатида жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб тан олиниши, юртимизнинг юксак тараққиёт чўққилари сари дадил одимлашида элини, Ватанини севадиган инсонларнинг, бағри кенг, олижаноб халқимизнинг заҳматли меҳнати борлигини, истиқлол йилларида тумандошларимиз томонидан қўлга киритилган ютуқлар хусусида тўхталиб ўтди.
Туманнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, дунёқарашини юксалтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, қолаверса, иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга қўшаётган улкан ҳиссаси учун бир гуруҳ фидойилар ва ёшлар тақдирланди.













